Ёмон об-ҳаво сценарийчининг дўсти. Қаҳрамонларни чўлда бўш фляга ёки совуқ бағрида қолдириш билан фильм сюжети бошқача тус олади.
Об-ҳаво билан боғлиқ турли вазиятлар экранда қандай яратилиши билан ForumDaily нашри бўлишади.
Совуқ
Қандай яратилади: Кадрда совуқ ҳиссиётини яратишнинг энг осон усули қор ёғдиришдир. Бироқ кино санъати бошланиш даврида бу осон кечмаган ва қор ролини бажарган модда таркиби тинмай ўзгариб турган. 1920 йилларнинг охирида ўт ўчирувчилар бу фожиа билан якун топиши ҳақида огоҳлантирмагунга қадар қор пахта парчаларидан иборат бўлган. Шундан сўнг қор оловга чидамли асбестдан тайёрлана бошланган. Айнан уни «Оз мамлакати сеҳргари» фильмидаги сеҳргар Дороти, кучукча Тото ва уларнинг дўстларига йўллайди. Ўша вақтларда на сеҳргар, на олимлар қизалоқ сочлари ва юзларига ўлим келтирадиган биринчи даражали кансероген сочилаётганлигини англамаган.
1947 йилда Фрэнк Капрининг «Бу ажойиб ҳаёт» фильми экранга чиқди. Унда сув, совун, шакар ва ўт ўчириш кўпигидан иборат бўлган илк шовқинсиз қор қўлланилган. У ғарчиллаши туфайли доимий равишда диалогларга қайта овоз беришни тақозо этувчи гипс қириндиси ёки бўялган жўхори ёрмалари ўрнини эгаллади.
Қорни ўхшатиш учун турли йилларда ғаройиб маҳсулотлар (туз, ун, товуқ парлари, пластик ва ҳатто мармар увоғи) қўлланилган, бироқ замонавий кино ишончли CGI ва экологик тоза қор ўрнини босувчини маъқул кўради.
Ньюанслар: Умуман олганда фильм кайфияти совуқ тус олиши учун қордан бошқа воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Баъзида бунинг учун фильм қаҳрамонларини кўк, яшил ва қора ранглар устунлик қилувчи атмосферага жойлаштириш кифоя қилади («Махфий ҳужжатлар», «Қотиллик», «Кўприк»). Яна бир жиҳат: интерьерда буюмлар қанчалик кам бўлса, кадр шунчалик совуқ кўринади.
Шаррос ёмғир
Қандай яратилган: Камера ёмғирларни хуш кўради, бироқ ёмғирлар камерани хуш кўрмайди. Шаррос ёмғирни табиий кўринишида кадрга туширишга уринган оператор аллақандай ҳўл нарсани суратга олади. Камера фокуси бир вақтнинг ўзида пастга тушаётган томчилар, актёр ва декорацияларни қамраб олишга қодир эмас.
Шунинг учун ёмғирни ажратиб кўрсатишга тўғри келади. Бир пайтлар бунинг учун катализаторлардан фойдаланилган. Сув шаффофлигини камайтириш учун сут ва махсус химикатлар аралаштирилган. Томчиларга шакл беришнинг анъанавийроқ усули уларни тўғри ёритишдир. Бу жараённи «Ёмғир остида куйлаётганлар» мюзкли ҳамрежиссёри Стэнли Донен қуйидагича тасвирлайди: «Томчилар пайдо бўлиши учун оператор ёруғликни ёмғир ортидан ўрнатиши лозим. Агар ёмғирни фақат олд томондан ёрицангиз, барча афсун йўқолади».
Довул
Қандай яратилган: Ҳар қандай мураккабликдаги визуал вазифани ҳал этишга қодир хромакей тортилганда кадрда учаётган уйлар, сигирлар ва автомобиллар ҳақида бош қотиришга тўғри келмайди. Аввалроқ эса киноларда шамол ўхшатилмасдан, актёрларга тўғридан тўғри авиация двигателларига тўғриланган.
Бироқ бу усулни универсал деб бўлмайди: жуда сершовқин, улкан ва хавфли. Шунинг учун суратга олиш майдонларида замонавийроқ қурилма — шамол пуфлагичлар пайдо бўлди. Улар кўринишидан катта вентиляторларни эслатади, фақат ҳавони соатига 150 километргача ҳайдаб беради.
Жазирама
Қандай яратилган: Томошабинларни жазирама остида қолдиришдан осон иш йўқдек гўё: кўпроқ қуёш, терлаган одамлар ва ишга туширилган вентиляторлар — жазирама тайёр. Бироқ кинематографистларнинг ўзига хос айёрликлари ҳам бўлиб, улар ёрдамида кадрдаги жазирама чидаб бўлмас даражада кўринади. Энг қизиган рангли фильмларни ёдга олсак, улардан кўпчилигида teal & orange рангли палитрасини (teal — осмон, orange — қуёш) осон пайқаш мумкин.
Бу уйғунлик қанчалик кескин бўлса, жазирама эффекти томошабинларга шунча кўпроқ таъсир қилади. Бироқ унга қадар қуёш тафтига олов учқунлари, ўқ зарралари, чўғланма лампалар, фильм қаҳрамонлари либослари ва ёритиш мосламаларига ўрнатилган тўқ сариқ-қизил фильтрлар ёрдамида урғу берилган. Индиана Жонс саргузаштларини ёдга олсак, энг жазирама эпизодлар ғорларда юз берган воқеаларга тўғри келади.
Изоҳ (0)