Россиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги назорат органи — «Россельхознадзор» Ўзбекистон ветеринария хизматини ноқонуний экзотик ҳайвонлар савдосида гумон қилмоқда. Шу муносабат билан 7 июлдан эътиборан Ўзбекистондан Россияга бундай жониворларнинг олиб кирилишига тақиқ қўйилди, деб хабар беради «Интерфакс».
Тақиқ нотижорий мақсадларда эгалари томонидан ҳамроҳ сифатида олиб кетилаётган жониворларга нисбатан амал қилмайди.
Ҳужжатларда Ўзбекистондан Россияга олиб кирилган экзотик жониворлар барча текширувлардан ўтказилгани айтилган. Аммо текширув чоғида Ўзбекистонда бундай текширув ўтказадиган лабораториялар йўқлиги аниқланди.
Илгари агентликнинг Ўзбекистонга юборилган мутахассислари россиялик тадбиркорларга приматлар ва экзотик жониворларнинг етказилишини нолегал деб ҳисоблаш мумкин деган хулосага келган эди, негаки Ўзбекистонда бундай жониворлар ва қушларни етиштириш йўлга қўйилмаган.
«Ўзбекистон ветеринария хизмати жониворлар учун ҳужжатларни расмийлаштирар экан, Жануби-Шарқий Осиёда катта қилинган приматлар ва экзотик қушларнинг етказилишини легаллаштиришга ҳаракат қилгани эҳтимоли бор», — дейилади «Россельхознадзор» баёнотида.
Изоҳ (0)