Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 7 июль, жума куни эълон қилинган қўшма баёнотда Қатарни амирлик атрофидаги дипломатик тангликни бартараф этишни истамасликда айблади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Al Jazeera телеканалига кўра, араб давлатлари Қатар эгаллаган қатъий мавқе амирликнинг террорчилар билан алоқаларини тасдиқлаётганини даъво қилмоқда.
Доҳа Кувайтнинг муаммони ҳал этиш бўйича уринишларини чиппакка чиқариб, тангликни бартараф қилишга қаратилган талабларни рад этмоқда. Шу билан бирга, Қатар Форс кўрфази ва араб дунёсининг ажралмас қисми ҳисобланади.
«Биз ҳуқуқларимиз, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, манфаатларимизни Қатар раҳбариятининг тажовузкорона сиёсатидан ҳимоя қилиш учун ўзимиз зарур деб билган сиёсий, иқтисодий ва қонунчилик кўринишидаги барча чораларни кўрамиз», — дейилади баёнотда.