Бугун «Бунёдкор» футбол клуби ташкил этилганига роппа-роса 12 йил тўлди, деб ёзди жамоа матбуот хизмати.
Клуб 2005 йилнинг 6 июль санасида ташкил топган. Ўшанда «Қурувчи» номи остида фаолият юрита бошлаган жамоа ҳаваскорлар ўртасидаги Тошкент шаҳар чемпионати орқали биринчи лигага йўлланма берувчи ўтиш турнирининг финал босқичида иштирок этган. Мусобақа якунига кўра «Қурувчи» Биринчи лигага берилган йўлланмалардан бирини қўлга киритган.
2006 йил Биринчи лига якунига кўра «Қурувчи» Олий лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди: 27 ғалаба, 5 дуранг ва 6 мағлубият.
Олий лигадаги дебют мавсумдаёқ «Қурувчи» бир неча янги рекордлар ўрнатди. Мамлакат грандлари билан учрашувларда энг кўп гол уриш, энг кам гол ўтказиш, энг кўп очко жамғариш каби кўрсаткичларда янги саҳифалар очилди. Қолаверса, дебютант жамоа вакили Илҳом Мўминжонов мавсум якунида чемпионатнинг энг яхши тўпурари номига сазовор бўлди.
2008 йилнинг 3 августидан бошлаб жамоа номи «Қурувчи»дан «Бунёдкор»га ўзгартирилди. Қисқа фурсат ичида «Бунёдкор» беш карра мамлакат чемпиони, уч карра вице-чемпион, мамлакат кубогининг тўрт карра соҳиби, Ўзбекистон Суперкубоги эгасига айланди. «Бунёдкор» қитъамиз клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси — Осиё Чемпионлар лигасида икки марта ярим финалга қадар етиб борди.
2008 йилда «Бунёдкор» футболчиси Сервер Жепаров Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб тан олинди. ОФК-2015 йил якунларига кўра «Бунёдкор» хизматларини яна бир бор эътироф этди. Мавсум якунида аниқланган Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси номинациясининг якуний учлик рўйхатини «қалдирғочлар» тўлиқ тўлдирди ва якунда ғолиблик Достон Ҳамдамовга насиб этди. Ўтган вақт мобайнида «Бунёдкор» бренди нафақат Осиёда, балки бутун дунё бўйлаб тарқалди.
Ўтган вақт ичида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ва барча қулайликларга эга бўлган «Бунёдкор» стадионида барпо этилди. Клуб қошидаги футбол мактаби ўз обрўсига эга бўлди. «Бунёдкор» тарбияланувчилари турли ёшдаги Ўзбекистон термаларида ҳаракат қилмоқда.
Изоҳ (0)