Конфедерациялар кубогида бугун — 29 июнь куни иккинчи финалчи номи аниқ бўлади. Пенальтилар сериясига кўра Португалия устидан 3:0 ҳисобида зафар қучган Чили термаси ҳал қилувчи ўйинда рақибини кутиб турибди.
Тошкент вақти билан 23:00 да Сочидаги стадионга Германия ва Мексика термалари чиқиб келади. Немислар мундиалнинг амалдаги чемпиони ҳисобланса, мексикаликлар турнирга КОНКАКАФ етакчиси сифатида етиб келганди.
Ҳар икки жамоа гуруҳ босқичини 7 очко билан якунлашга муваффақ бўлди. Иохим Лёв бошчилик қиладиган немислар Чили билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, Австарлияни 3:2, Камерунни 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.
Мексикалик футболчилар эса Португалия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Янги Зеландия ва Россия термаларини бир хилда — 2:1 ҳисобида таслим қилганди.
Маълумот учун, Россия мезбонлигида ўтаётган Конфедерациялар кубогининг финал ўйини 2 июль куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтади. Шу куни 3-ўрин эгаси Москвадаги ўйин орқали аниқланади.
Изоҳ (0)