Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 2016 йил сентябридан 2017 йил 19 июнигача 900 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Мазкур мурожаатларнинг 93 мингдан ортиғи ички ишлар, 56 минггга яқини суд, 50 мингдан ортиғи прокуратура, 43 мингги адлия, 6,2 мингги солиқ ва мингдан ошиғи божхона фаолиятига тааллуқли.
20—23 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг сайёр қабули ўтказилди. 4 кун давомида Олий суд, Бош прокуратура, ички ишлар ва адлия, давлат солиқ ва божхона қўмиталари вакиллари иштирокида бевосита ушбу идоралар фаолиятига тегишли масалалар кўриб чиқилди. Қабулга 600 дан ортиқ киши келди.
Мурожаатларнинг аксарияти суд органлари билан боғлиқ бўлиб, деярли ярми фуқаролик суди бўйича иш юритишга оид. Жиноий ишлар бўйича судлар қароридан норозилар ҳам бор. 100 дан ортиқ одам, жумладан, тадбиркорлар прокуратура ҳодимлари билан суҳбатлашди. Улар турар-жой ва ердан фойдаланиш қонунчилиги, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, ижро жараёнидаги муаммолар ҳақида гапирди. Улардан бир қисмини жойида ҳал этишга муваффақ бўлинди.
Ички ишлар вазирига мўлжалланган мурожаатлар ҳам кўплаб келиб тушди. Фуқаролар биометрик паспорт олиш, хорижга чиқиш стикери, доимий пропискани расмийлаштириш ёки вақтинчалик рўйхатга қўйишни узайтириш, хизматга тиклашда кўмак сўради. Жиноий ишлар материаллари, ички ишлар ходимлари ҳаракатидан шикоятлар бўлди.
Тадбиркорлар ва жисмоний шахсларни имтиёзли солиққа тортиш масалалари ҳақидаги саволларга Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари жавоб берди. Давлат божхона қўмитаси ходимларига мурожаат қилган фуқаролар божхона декларацияси тартиби, маҳсулотлар чиқариш ва назорат қилиш, божхона тўловлари билан қизиқди. Маҳсулотлар, автомобиль мусодара этилишидан норозилар бўлди.
Сайёр қабулга келганлар уларни ўйлантираётган муаммолар тезда ҳал этилишига умид билдирди. Батафсил ўрганишни талаб этувчи шикоятлар ва мурожаатлар мутасаддилар томонидан алоҳида назоратга олинди.
Изоҳ (0)