Хитой футбол федерацияси мамлакатнинг 20 ёшгача бўлган футболчиларини йирик мусобақаларга тайёрлашнинг антиқа услубини ўйлаб топди ва Германиянинг тўртинчи дивизиони билан ўзаро ҳамкорлик борасида келишиб олди.
Kicker нашрининг маълумот беришича, Хитой U20 терма жамоаси Германиянинг қуйи дивизионига 20-жамоа бўлиб рўйхатга киради ва унда конкурсдан ташқари иштирок этади. Бунда хитойлик футболчилар қолган клублар каби жами 38 та учрашув ўтказади. Бироқ улар иштирок этган ўйинлар натижаси турнир жадвалида акс этмайди.
Хитойлик футболчиларнинг қаерда истиқомат қилиши масаласи очиқ турибди. Маълум томони шундаки, Хитой футбол федерацияси ҳар бир ўйин учун немис клубларига 15 минг евродан пул беради. Тўртинчи дивизион клубларининг мана шунчадан пул ишлаб, маркетингини қисман ривожлантириб бориши германияликларнинг ўзига ҳам маъқул келган.
Германия тўртинчи дивизиони мамлакатнинг жанубий-ғарбий клублари иштирок этадиган мусобақа ҳисобланади.
Хитой U20 термаси немис клубларига қарши ўйин ва Германиядаги йиллик тайёргарлик билан катта эҳтимол билан Токио—2020 Олимпиадаси учун тайёргарлик кўриб боради. Футболи тинимсиз тараққий этаётган мамлакат жамоалари билан ўйинларда футболчилар тобланиб боради, мураббийда ўйин услубини шакллантириб бориш учун имконият кенгроқ бўлади.
Изоҳ (0)