Бельгия суди Абу Дабининг ал-Наҳайён амирлик оиласи вакиллари бўлмиш саккиз аёлни хизматкорларга нисбатан ҳақоратомуз муносабатда бўлиб, инсон қадр-қимматини камситишда айблади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Воқеа 2007–2008 йиллари Брюсселдаги Conrad Hotel меҳмонхонасида рўй берган. Шайха Ҳамда ал-Наҳайён ва унинг етти қизи меҳмонхонанинг бир қаватини ижарага олиб, у ерда бир неча ой яшаган. У ерда аслзода хонимларга кун бўйи турли мамлакатлардан ташриф буюрган 23 аёл хизмат кўрсатган. Бу аёлларнинг маликалар ўзлари билан бирга олиб келган.
Айблов версиясига кўра, хизматкорларга амирлик оиласи аёллари қулдай муносабатда бўлган — уларнинг паспортларини тортиб олган, кўчага чиқишни тақиқлаган. Хизматкорлар полда ухлаган ва оқсуяклар дастурхонидан ортган қолдиқлар билан озиқланган. Хизмат учун эса уларга пул тўланмаган.
2008 йил июлида хизматкорлардан бири меҳмонхонадан қочиб кетиб, полицияга мурожаат қилган, шундан сўнг бу воқеа жамоатчиликка маълум бўлган.
Суд ҳар бир айбланувчини 15 ойлик шартли озодликдан маҳрум қилишга ва 165 минг евро миқдоридаги жаримага ҳукм қилди. Суд жараёнида айбланувчиларнинг ҳеч бири иштирок этмади.
Изоҳ (0)