У ер хатарли, санитарияга зид ва фақат чой ичилади: россиялик саёҳатчилар Ўрта Осиё ҳақида 10 та миф тўплади
Дунёнинг 53 та мамлакатига саёҳат қилган россиялик саёҳатчилар Паша ва Лена Ўрта Осиё ҳақида ўнта миф тўплади, деб ёзади «K-News».
Улар саёҳатга йўл олишдан аввал офис ишчилари эди: Лена Mail.Ru Group’да ПР-менежер, Паша — суғурта компанияси интернет-маркетологи. Улар 2016 йилнинг майида пул тўплаб, бутун вақтини саёҳатларга сарфлаш учун шинам офисларини тарк этди.
Қуйида уларнинг Ўрта Осиё ҳақида тўплаган ўнта мифини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўрта Осиё мамлакатларида биз бегона эмасмиз ва бу давлатлар аслида ОАВлари ва йўлкўрсаткич муаллифлар тасвирлагандек эмаслигини айтишимиз мумкин. Биз Ўрта Осиё ҳақида қачонлардир ўзимиз ҳам ишонган энг оммабоп янглиш фикрларни тўпладик.
Ўрта Осиё хатарли
Бу оммабоп миф ишчи мигрантлар туфайли юзага келган. Аслида Ўрта Осиёга саёҳат қилиш (ҳатто қизлар учун ҳам) мутлақо хавфсиз: одамлар очиқ, самимий, русча сўзлаша олади ва ёрдам беришга тайёр. Сизни алдаш ва тунаб кетишга ҳеч ким уринмайди.
Ўрта Осиё аҳолиси гастарбайтерларимизга ўхшайди
Москва метросида Ўрта Осиёдан келган, пала-партиш кийинган кишиларга кўзингиз тушган бўлиши мумкин. Улар кўпинча атрофдагиларга тажовуз билан қарайди ва катта шаҳар ҳаёти қандай тузилганлигини тушунмайди. Ўрта Осиёнинг аксарият аҳолиси умуман бошқача: сокин, жилмайиб турадиган, кўпчилиги олий маълумотли бўлиб, офисларда ишлайди ва кийиниши ҳам шунга мос. Уларнинг бизга тушунтиришича, Россияга келган ишчилар асосан узоқ қишлоқлар аҳолиси бўлиб, улар шаҳарда ўзини тутиш маданиятига эга эмас. Бу ҳолатни Душанбеда қайд этдик.
Ўрта Осиё иссиқ ва тарвуз-қовунларни ҳар қадамда учратиш мумкин
Ўрта Осиёга май ойи бошида келиб, иссиқ курткалар ва шарфлар кийишга мажбур бўлдик. Апрель ойи охирида Остона об-ҳавоси кўпроқ Сибир ҳавосига яқин эди. Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, Ўрта Осиёда қиш совуқ ва тез-тез қор ёғади. Ўрта Осиёда фақат май ойидан сентябрга қадар иссиқ.
Қовун-тарвузларни фақат мавсумда: ёзнинг иккинчи ярми ва кузнинг биринчи икки ойида ҳар қадамда учратиш мумкин. Май ойи бошида ҳеч қандай полиз экинларини учратмайсиз, қулупнайдан ташқари.
Ўрта Осиёда ҳамма ош ейди
Палов ҳақиқатда жуда оммабоп, бироқ у бу ердаги ягона таом эмас. Манти, шашлик, бешбармоқ ва кулчалар дастурхонга тез-тез тортиладиган таомлар, рус ошхонасини ҳам тез-тез учратишингиз мумкин. Гречка ёки боршч тановул қилиш муаммо эмас. Айтганча, Россиядаги чўчқа ва товуқ гўштидан фарқли равишда Ўрта Осиёда қўй гўшти энг оммабоп гўшт.
Бишкек бозори супермаркетда харид қилиш мумкин бўлган маҳсулотларни сотиб олиш мумкин бўлган Москва вилоятидаги бозорга ўхшамайди. Бишкек бозори — шовқин-суронли шарқона бозор. Биз ҳеч нарса харид қилмасак ҳам, бозор айланишни яхши кўрамиз. Сотувчилар кўпинча битта маҳсулот билан савдо қилади: суратдаги сотувчи ҳам фақат банан бизнеси билан шуғулланади. Кулчалар ҳеч қачон пакетларга ўралмайди, шунинг учун ҳам ўзига хос хушбўй исини йўқотмайди.
Руслар Ўрта Осиёдан кетиб қолган
Қисман тўғри: СССР тарқалгандан сўнг, русларнинг аксарияти Россияга кўчиб кетган. Кўпчилиги эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда қолган ва яшаш тарзи ёмон эмас. Бундан Тожикистонни истисно қилиш мумкин, у ерда руслар кам, бироқ совет даврида ҳам бу ерда руслар кўп бўлмаган.
Ўрта Осиёнинг исталган мамлакатининг 95 фоиз аҳолиси рус тилини тушунади ва сўзлаша олади. Тоғли қишлоқлар, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсини бундан истисно қилиш мумкин.
Ўрта Осиё — мусулмон ҳудуд
Ўрта Осиёнинг барча мамлакатларида ислом дини энг оммабоп дин бўлишига қарамасдан, бу мамлакатлар дунёвий давлатлардир. Давлат аҳоли ўртасида динни ёймайди, алкоголь эркин сотилади ва маҳаллий аҳоли томонидан истеъмол қилинади. Қизлар исталган узунликдаги юбка кияди, эркаклар соқол қўймайди. Жума эса одатий иш куни. Масжидлар кўп, бироқ диндорлар аҳолининг бир неча фоизини ташкил этади, холос.
Ўрта Осиё — ривожланмаган ҳудуд
Бу фикрни Ўрта Осиё мамлакатларида ҳеч қачон бўлмаган кишилар билдириши мумкин. Пойтахтлар, кўпинча ҳар бир давлатнинг иккинчи шаҳарлари ҳам меҳмонхоналар, ресторанлар, кўнгилочар индустрия, интернет ва бошқаларга эга бўлган йирик шаҳарлардир.
Европа билан таққослаш қийин (шартмикан?), бироқ сув ва электр таъминотининг соатбай берилиши, интернетнинг йўқлиги ва пулли медицина билан боғлиқ қўрқинчли гаплар ўз тасдиғини топмади. Медицинага келсак, Тошкентда қон таҳлили натижалари бир неча соатда чиққанидан ҳайратландик!
8. Самарқанд — Ўрта Осиёдаги энг қизиқарли шаҳар
Ўзбекистон туризм жиҳатидан Ўрта Осиёнинг энг ривожланган давлати, Самарқанд эса Ўзбекистоннинг туристик Маккаси. Қадимий шаҳарни кўриш истагида бутун дунёдан келаётган саёҳатчилар оқими чексиз.
Ўзбекистонда бизга қадимий Хива ва Бухоро, Қозоғистонда Олмаота ва Остона, шунингдек Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ва Тожикистоннинг Хўжанди кўпроқ ёқди.
Ўрта Осиё санитария талабларига жавоб бермайди
Биз Ўрта Осиёга Жануби-Шарқий Осиёдан келдик ва улар ўртасидаги фарқ ҳайратланарли даражада эканлигини таъкидлашимиз мумкин. Ўрта Осиё мамлакатларида Жанубий Осиёдаги таом сотувчи кўчма тележкалардан фарқли равишда кафелар кўп. Уларда сизга тоза дастурхонга, ювилган идишда овқат тортилади, ошхонага нохосдан кириш эса иштаҳангизни бўғмасдан, аксинча очиб юборади. Таиланд, Комбоджа ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ошхонага кўз ташлашни тавсия этмаймиз.
Ўрта Осиёда фақат чой ичилади
Чой Ўрта Осиёдаги оммабоп бўлса-да, ягона ичимлик эмас. Йирик шаҳарларда кофеен жуда кўп, кафеларда сок ва алкоголлар катта ассортиментда таклиф этилади, кўчаларда эса компот, квас ва максим (қирғизча буғдой ичимлиги) сотилади.
Турли хил фикрларга ишониб қолманг ва қалбингиз қаерга чорласа, ўша жойга йўл олинг. Шунда аниқ бир шаҳар ёки давлат ҳақида ўз фикрларингиз ва қарашларингизни ҳосил қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)