Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳокимлиги, ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев бошчилигидаги делегация Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари ва мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Меҳмонлар Жиззах политехника институти, Олимпия захиралари коллежи, вилоят тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, «Жиззахпластекс» Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Шароф Рашидов туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган замонавий уй-жойларни кўрди.
Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди. Хиёбондаги «Нуронийлар маскани» мажмуасида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар фаолияти, «Дўстлик уйи»да маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун яратилган шароитлар, вилоят қозоқ миллий маданият маркази фаоллари билан ўтказилган самимий суҳбат меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Делегация аъзолари «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида енгил ва кичик юк автомашиналари, микроавтобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари учун батареялар ишлаб чиқарадиган «Жиззах аккумулятор заводи» цехлари, завод лабораторияси, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Жиззах шаҳрида ташкил этилган саноат ярмаркаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ғаллаорол туманидаги «Сангзорпарранда» МЧЖда етиштирилган гўшт маҳсулотлари, Жиззах шаҳридаги «Эcоcлимат» МЧЖнинг шиша-тола буюмлари, «ЖиззахПластех» қўшма корхонаси маҳсулотлари, Шароф Рашидов туманидаги «Давурбек Жилоси» МЧЖнинг қандолат маҳсулотлари, Дўстлик, Зомин, Зарбдор, Пахтакор, Фориш, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманлари саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли моллари сифати ва замонавий дизайни билан меҳмонларга манзур бўлди.
Изоҳ (0)