Жанубий Корея мезбонлик қилган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Англия термаси ғолиб чиқди.
Инглизлар ҳал қилувчи финал ўйинида Венесуэлага қарши саф тортди ва Калверт-Левиннинг 35-дақиқада урган ягона голи эвазига муваффақият қозонди.
Англия ёшлар терма жамоаси гуруҳда Аргентинани 3:0, мезбон Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлуб этган, Гвинея билан эса 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Финалгача улар Коста-Рикани 2:1, Мексикани 1:0 ва ярим финалда Италияни 3:1 ҳисобида таслим қилишга муваффақ бўлди.
Бунга қадар Англия ёшлар терма жамоаси ҳатто финалга ҳам етиб келмаганди. 1993 йил Жаҳон чемпионатини 3-ўринда якунлаган инглиз ёшлари, 1981 йилда 4-ўрин билан чекланганди. 2017 йил улар мамлакат тарихида янги саҳифа очди.
Пол Симпсон мураббийлик қилган Англия ёшлар терма жамоасида «Эвертон»нинг 5, «Челси»нинг 3, «Ньюкасл», «Тоттенҳэм», «Мидлсбро», «Ливерпуль» каби клубларнинг 2 нафардан, шунингдек, «Борнмут», «Арсенал», «Брентфорд», «Манчестер Юнайтед», «Ридинг» каби клубларнинг бир нафардан тарбияланувчиси бор эди.
Ёшлар ўртасидаги мундиалда энг кўп Аргентина ғолиб чиқан — 6 марта. Бразилияда кубоклар сони 5 тани ташкил қилади. Европаликлардан Португалия ва Сербия термаларига 2 мартадан жаҳонда тенгсиз бўлиш насиб қилган.
Изоҳ (0)