Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароитини тизимли равишда ўрганиш мақсадида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» доирасида ташкил этиб келинаётган тадбирларда паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний ўқ отар қуроллар ва наркотик воситаларни сақлаш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик бўлими «Дарё»га маълум қилди.
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» жорий этилганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга қараганда 6,7 фоизга камайишига эришилди. Жиноятнинг оғир турларидан қотиллик 19,1 фоизга, босқинчилик 13,0 фоизга, безорилик 34,7 фоизга ва тан жароҳати етказиш 11,2 фоизга камайди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши бўйича аҳоли билан мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, ўтказилган тадбирлар давомида профилактика инспекторлари томонидан аниқланган Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида яшовчи Б.Икромовнинг (исм-шарифлари ўзгартирилган) хонадони текширилганида, Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи С.Саидов ва Наманганлик Р.Амирбековаларга 20.000 сўм эвазига, жинсий алоқа учун шароит яратиб берганлиги аниқланиб, гувоҳлар иштирокида қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган. Худди шундай ҳолатлардан бири Бектемир туманида ҳам аниқланган. Фарғоналик Ш.Фармонова (исм-шарифлари ўзгартирилган) Фарғона Йўли кўчасидаги кўприк остида самарқандлик Х.Орипова ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи Р.Авазовни 50 000 сўм пул эвазига жинсий алоқа қилиши учун қўшмачилик қилаётганлиги аниқланиб, гувоҳлар иштирокида қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Асосий эътибор вояга етмаганлар ва ёшлар тарбиясига қаратилиб, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг таълим муассасаларидаги давоматини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаган ўқувчилар аниқланиб, таълимга қайтарилди. Фарзандларини назоратсиз қолдирган ота-оналар ва таълим муассасалари ходимларига тегишли чоралар кўрилди.
Изоҳ (0)