Марат Бикмаев 12 июнь куни бўлиб ўтадиган Эронга қарши беллашувни ўтказиб юборади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
«Локомотив» клуби аъзоси кеча — 6 июнь куни Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида жароҳат олиб, 52-дақиқада майдонни тарк этганди. Шифокорлар кейинроқ Бикмаевнинг Теҳронга бора олмаслигига ойдинлик киритди.
Аввалроқ ҳимоячилар Виталий Денисов ва Ислом Тўхтахўжаев ҳам жароҳат олиб сафдан чиққанди. Шунингдек, Ўзбекистон кубогининг «Насаф»га қарши ўтган биринчи ўйинида жароҳатланган Даврон Ҳошимов ҳам Теҳрон сафарини ўтказиб юборади.
Марат Бикмаев саралашнинг ҳал қилувчи босқичида 2 та гол урган бўлиб, бу борада энг яхши натижани қайд этиб турганди. У Сеулда Жанубий Корея ва Тошкентда Хитой термалари дарвозасини ишғол қилишга эришди. Жорий мавсумни «Локомотив» тўпурари сифатида бошлади.
Эрон ва Ўзбекистон терма жамоаларининг ЖЧ—2018 саралашидан жой олган такрорий ўйини 12 июнь куни Тошкент вақти билан 21:45 да старт олади. Томонларнинг пойтахт Тошкентда кечган биринчи ўйинида форслар 1:0 ҳисобида муваффақият қозонганди. Такрорий ўйиндаги ғалаба Карлуш Кейруш бошқарувидаги Эрон термасига Россия мундиали чиптасини тақдим этади.