АҚШ президенти Дональд Трамп Рим папаси Франциск билан Ватикандаги Ҳаворий саройида учрашди. Учрашув 30 дақиқа давом этди, деб хабар беради «РИА Новости».
Понтифик ҳузурига президент 12 кишилик делегация бошчилигида келди. Ушбу делегация таркибида унинг рафиқаси Меланья ва қизи Иванка ҳам бор эди.
Ватикан урф-одатига кўра, аёллар учрашувга қора либосда, боши ўралган ҳолда келди.
Ярим соатлик суҳбатдан сўнг Трамп папани делегация вакиллари, жумладан, куёви Жаред Кушнер билан таништирди. Шундан сўнг томонлар совға алмашди.
Айни пайтда АҚШ президенти Ватикан давлат котиби Пьетро Паролин билан учрашув ўтказмоқда.
Меланья ва Иванка Трамп учрашувга рўмолда келгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Улар Саудия Арабистонига ташрифи чоғида, ушбу мамлакатда аёллар боши очиқ юриши тақиқланганига қарамай, жамоатчилик олдига рўмолсиз чиққан эди.
Ватикандан сўнг Трамп Квиринал саройида Италия президенти Сержо Маттарелла билан учрашади.
Изоҳ (0)