Каталониянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Лионель Месси солиқ тўлашдан қочиш айблови билан 21 ойга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда «Sports.ru» нашри хабар берди.
Футболчи 2007—2009 йиллар давомида Испания солиқчилигини айланиб ўтиб, умумий ҳисобда 4,1 миллион евро пулни давлатдан яширишга уринган бўлиши мумкин.
Мессига ҳукм ўқилишини талаб қилаётганлар аввалига уч йиллик жазони илгари сурганди. Вазиятни ўрганиб чиққан суд эса жазони 21 ойга қадар қисқартирди. Бунда Месси ва унинг отаси Хорхе суд олдида тенг жавоб бериши кўрсатилган.
Аргентиналик ҳужумчи бунга қадар ҳам худдий шундай айблов билан судланган бўлиб, солиқларни тўлаш борасидаги барча ҳаракатларни отаси амалга оширишини ва ўзи бунга аралашмаслигини айтиб ўтган, кейинроқ эса солиқдан бўйин товлаш айблови билан биринчи бор суд олдида тургани инобатга олиниб, жазодан қутулиб қолганди.