Баҳрайн пойтахти Манама четида рўй берган полиция ва намойишчилар тўқнашуви чоғида беш киши ҳалок бўлди, ўн киши жароҳатланди. Бу ҳақда, қироллик ички ишлар вазирлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
23 май куни Баҳрайн полицияси пойтахтдан 12 километр наридаги Дираз қишлоғида махсус операция ўтказди. У ерда машҳур шиа илоҳиётчиси, мамлакатда тақиқланган «ал-Вифоқ» ҳаракати етакчиларидан бири Исо Аҳмад Қосим туғилган. 21 май куни фуқароликдан маҳрум қилинган Аҳмад Қосим бир йиллик қамоқ жазосига уч йилга кечиктириш шарти билан ҳукм қилинди. Бунга жавобан унинг тарафдорлари илоҳиётчининг уйи атрофида сокин намойиш уюштирди.
Операция чоғида 286 киши ушланди. Ҳуқуқ-тартибот органларининг 19 вакили яраланди.
Мамлакат аҳолисининг асосий қисми шиалар бўлса ҳам, ҳукмрон ал-Халифа оиласи суннийлик мазҳабидадир. Шиаларнинг «ал-Вифоқ» ҳаракати мамлакатда сунний ҳукмронлигига қарши чиқиб, конституцион монархия ўрнатишни, ҳокимиятни қайтадан тақсимлаб, бошқарувни парламентга ҳисобот берувчи демократик ҳукуматга топширишни талаб қилиб чиқмоқда.
Изоҳ (0)