Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентлараро ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Европа парламенти депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С. Отамуродов, Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А. Жалилов, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов ва бошқалар Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланаётганини таъкидлади. Бундай ҳамкорлик ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишдан томонлар манфаатдорлигига асосланган.
Давра суҳбатида Олий Мажлис ва Европарламентнинг парламентлараро муносабатларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, тараққиётга кўмаклашишда «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.
Европа парламенти аъзоларига Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари, тузилмаси ва салоҳияти, мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ортаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Европарламент депутатлари ҳам, ўз навбатида, Европа давлатларида рўй бераётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар хусусида ахборот берди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Улар Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини ижобий баҳолаб, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унда белгиланган вазифалар, биринчи навбатда, фуқаролар манфаатларини таъминлаш имконини берадиган вазифаларга юксак баҳо берилди.
Давра суҳбатида муҳокама натижалари бўйича парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Европа парламенти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди.
Изоҳ (0)