17 май куни Ибица аэропортига хизмат кўрсатувчи клининг компанияси ходимлари иш ташлаш эълон қилди. Аэропорт бир неча кун ичида чиқиндихонага айланди, ҳожатхоналардан фойдаланиш эса муаммога айланди. Бу ҳақда easyJet авиакомпанияси тарқатган маълумотларга таяниб, National Geographic хабар бермоқда.
Дам олиш мавсуми бошланмаганлигига қарамасдан Ибица дам олувчилар билан тўла. Авиакомпания иш ташлашда easyJet’нинг айби йўқлигини маълум қилади ва йўловчилардан сабр қилишни сўрайди.
Сайёҳлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган суратларга кўра, аэропортдаги чиқиндилар ҳамон йиғиб олинмаган. Одамлар нафақат чиқиндиларнинг улкан уюмлари устидан ўтишга мажбур бўлмоқда, балки қоғоз ва совун ҳам бўлмаган ифлос ҳожатхоналардан фойдаланиш ҳам муаммога айланган.
Фаррошлар ишига қачон қайтиши номаълум. Аэропорт сайтида мазкур муаммо ва уни ҳал этиш йўллари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.