Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Саудия Арабистони пойтахти ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб-мусулмон давлатлари ва АҚШ саммитини террор масаласини ҳал қила олмайдиган спектакль деб атади. Бу ҳақда у Теҳронда қайта сайланганидан сўнг берган биринчи матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар беради «ТАСС».
«Бу мажлис кўпроқ спектакль бўлди, у ҳеч қандай амалий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлмайди. Бундай мажлислар Саудия Арабистонида илгари ҳам ўтказилган. Улар террор муаммосини ҳал қилмайди. Бу муаммони олий ҳокимиятга халқ пулларининг ўтказиб берилиши ҳам ҳал этмайди», — деди Эрон раҳбари, ар-Риёдда АҚШдан қурол сотиб олиш бўйича эришилган келишувларга ишора қилиб.
Руҳонийнинг сўзларига қараганда, террорга қарши реал урушни Ироқ, Сурия, Ливан халқлари олиб бормоқда:
«Эрон миллати бу халқларга дипломатик саъй-ҳаракатлар ва ҳарбий масалаҳатчилар билан ёрдам бермоқда ва ёрдам беришда давом этади. Ироқ халқидан бошқа ҳеч ким ИШИДни Ироқнинг йирик шаҳарларидан қува олмайди. Бу гуруҳнинг Дамашқда йўқлиги фақатгина Сурия халқининг шарофати биландир. Минтақанинг айнан шу халқлари террорга қарши турибди, Эрон уларнинг томонида ва шундай бўлиб қолажак».
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)