Жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигида Knowledge Sharing Program — «Билим алмашиш дастури»нинг катта маслаҳатчиси Ён Кон Чин бошчилигидаги Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Делегация ташрифи чоғида 2016–2017 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган «Билим алмашиш дастури» доирасидаги лойиҳалар бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Жанубий Кореянинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик ҳамкори эканлиги, ҳамда мазкур вастур доирасида қўшма лойиҳаларни Ўзбекистон томони билан амалга ошириш алоҳида аҳамият касб этиши Корея делегацияси томонидан таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар натижага йўналтирилган ҳамкорликка эътиборни кучайтирган ҳолда ўзаро муносабатларни ҳамда 2017–2018 йилларга мўлжалланган янги лойиҳаларнинг амалга оширилишини фаоллаштиришга келишиб олди.
Маълумот учун, «Билим алмашиш дастури» Жанубий Корея тажрибаси асосида ҳамкор давлатларга миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни такомиллаштириш бўйича кўмак бериш мақсадида Корея Республикаси ҳукумати томонидан жорий қилинган. Ушбу дастур доирасида лойиҳалар ҳамкор мамлакат томонидан белгиланган йўналиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар, Корея Республикасининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ушбу йўналишларни янада яхшилаш бўйича тавсияларни ўз ичига олган ҳисоботни тайёрлаш орқали амалга оширилади.
2004 йилдан бошлаб дастур доирасида ўзаро ҳамкорликда экспорт сиёсатини ривожлантириш, инновацион тизимни такомиллаштириш, эркин индустриал-иқтисодий зоналарни ривожлантириш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари сектороини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш, соҳаларни бюджет томонидан молиялаштиришни такомиллаштириш ва бошқа йўналишларда 20 дан зиёд қўшма лойиҳалар амалга оширилган.
Изоҳ (0)