Япон шаҳзодаси Акисинонинг катта қизи, император Акихитонинг биринчи набираси малика Мако ўз курсдошига турмушга чиқади. Бу ҳақда император саройи ишлари бошқармаси маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Айни пайтда малика нуфузли Хитоцубаси университети аспирантурасида таҳсил олмоқда. У 25 ёшли Кэй Комуро билан беш йил муқаддам, Халқаро христиан университетида ўқиб юрган кезлари танишган. Орадан бир йил ўтиб, йигит маликага турмуш қуришни таклиф қилган. Маконинг ота-онаси — шаҳзода Акисино ва малика Кико қизининг бу қарорига розилик берган. Император жуфтлиги ҳам бундан хабардор. Тўй ҳақида расмий маълумот июнда эълон қилинади, маросимнинг ўзи 2018 йилга режалаштирилган.
Бу ҳақдаги хабарлар ОАВда пайдо бўлгач, император саройи янгиликка изоҳ беришга қарор қилди.
«Биз никоҳ ҳақида расмий ахборотни мос паллада эълон қилишни режалаштирмоқдамиз, айни пайтда тайёргарликлар битмаган», — деди сарой ишлар бошқармаси раҳбари Синъитиро Ямамото матбуот анжумани чоғида.
У ахборот ОАВда муддатидан илгари пайдо бўлганидан афсусдалигини билдирди.
«Агар бари режа бўйича борса, биз жуда хурсанд бўламиз», — қўшимча қилди амалдор.
Урф-одатга кўра, аслзода оилага мансуб бўлмаган кишига турмушга чиққан малика император оиласини тарк этади. Бу билан император оиласининг қисқариши муаммоси янада ўткирлашади. Мако оддий фуқарога айлангач, император оиласида 18 киши қолади, шулардан олти нафари турмушга чиқмаган қизлардир. 2005 йили император Акихито ва унинг рафиқаси Митиконинг ягона қизи малика Саяко Курода фамилияли давлат амалдорига турмушга чиқиб, оиладан четлаштирилган эди. У, қонунга мувофиқ, оилани тарк этиши муносабати билан 150 миллион иена (1,3 миллион доллар) бадал олган эди.
Изоҳ (0)