Кот-д’Ивуарда ҳукуматдан пул тўловларини талаб қилаётган аскарлар бошлаган ҳарбий исён авжига чиқмоқда. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Пойтахтда ва бир қатор бошқа йирик шаҳарларда бошланган отишмалар оқибатида мамлакатнинг иқтисодий ҳаёти тўхтаб қолди.
Мамлакатнинг иқтисодий пойтахти Абижанда, катталик бўйича иккинчи шаҳар — Буакеда, Сан-Педро портида ва какао савдоси маркази бўлмиш Далоа шаҳрида отишмалар давом этмоқда. Аскарлар казармалардан шаҳар кўчаларига оқиб чиқиб, ҳавога қарата ўқ узмоқда. Айни пайтда ҳукуматга содиқ қўшинлар исёнчилар эгаллаб олган туманларни ўраб олди.
Кот-д’Ивуар банклари уюшмаси мамлакатдаги барча банк бўлинмаларини ёпиш ҳақида қарор қилди. Абижан ва Далоада кўплаб фирмалар ва ҳукумат идоралари тартибсизликлар боис ишини тўхтатди.
Кот-д’Ивуарда ишлаб чиқариш ва экспортнинг асосий банди какао билан боғлиқ. Мамлакат иқтисодиёти какао нархининг тушишидан зарар кўрмоқда. Иқтисодий қийинчиликлар боис ҳарбийларга пул тўлаш масаласида баҳслар ва улар келтириб чиқараётган ғалаёнлар йил бошидан буён кузатилмоқда.
Изоҳ (0)