Помир йўли National Geographic илмий-оммабоп географик журнали томонидан тузилган дунёнинг энг чиройли автомобиль йўллари ўнлигига кирди. Бу ҳақда «Ховар» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Помир йўли Помир тоғлари тармоқларидан ўрмалаб чиқиб, Помирнинг учта асосий тоғ довони: Толдиқ (3 615 метр), Қизил-Арт (4 280 метр) ва энг баланд нуқта — Оқбайтал довонидан (4 655 метр) ўтади. Йўлдаги энг жозибали бекатлардан бири бу денгиз сатҳидан 3 914 метр баландликда жойлашган Тожикистондаги энг йирик кўл — Қоракўлдир», — дейилади мақолада.
Ўнликда Вердон дарасидан (Франция) кейин иккинчи ўриндан жой олган Помир йўлидан ташқари, энг мафтункор йўллар ўнлигига Далтон—Хайвей (АҚШ), Трансфэгэрашск шоссеси (Руминия), Чуйск йўли (Россия), Атлантика йўли (Норвегия), Катта дарвозалар йўли (Хитой), 40-трасса (Аргентина), Катта халқа (АҚШ) ва Буюк океан йўли (Австралия) кирди.
Изоҳ (0)