Парламент вакиллари томонидан Жиззах вилояти Пахтакор туманида олиб борилган 10 кунлик ўрганишлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Хусусан, тумандаги бешта қишлоқ врачлик пункти тугатилиб, уларнинг негизида иккита қишлоқ врачлик пункти ва битта оилавий поликлиника ташкил этилди.
Депутатлар ва сенаторлар сессиясида тиббий хизмат кўрсатиш борасида қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни малакали тиббий ходимлар ва зарур дори-дармонлар билан таъминлашдаги камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тумандаги тиббиёт муассасалари ЭКГ аппарати, нафас олдириш қопчаси, умуртқа поғонасини ушлаб турувчи шит ва шу каби 11 турдаги оддий тиббий жиҳозлар билан таъминланмагани, автотранспорт воситалари етарли эмаслиги танқид қилинди. Туман марказий шифохонасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими биноси, бир қишлоқ оилавий поликлиникаси ва икки қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирга муҳтожлиги аниқланди.
Шунингдек, туман тиббиёт муассасаларида 33 шифокор етишмаслиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)