Бухоро вилояти Вобкент туманидаги ислоҳотларни ўрганган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг сессиясида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишида жиддий камчиликлар мавжудлиги қайд этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Масалан, бугунги кунда фаолият юритмаётган фермер хўжаликларини тугатиш ёки ишини тиклаш бўйича қатъий чоралар кўрилмаган. Туманда гўшт, сут ва терини қайта ишлаш бўйича бирорта ҳам корхона ташкил этилмаган. Ҳолбуки, ҳудудда етарли хом ашё мавжуд.
Айрим касб-ҳунар коллежларида битирувчилар бандлигини таъминлашга юзаки ёндашилган. Умуман, ижтимоий соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Масалан, қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ҳанузгача лингафон синфлари, 3-умумтаълим мактабининг кимё, физика синфлари зарур лаборатория жиҳозлари билан таъминланмаган. 5-умумтаълим мактабининг компьютер синфида ҳам шундай муаммо бор.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашнинг аҳволи ҳам кўнгилдагидек эмаслигига алоҳида эътибор қаратилди. «Сувоқова» корхонаси туман бўлимига тегишли «Марказ» ва «Нарчоқ» сув қувурлари тизими таъмирталаблиги сабаб фаолият кўрсатмаяпти. Умуман, филиал тасарруфидаги жами узунлиги 226 километрлик қувурларнинг 65 километри шундай ҳолатда.
Изоҳ (0)