Андижондан пойтахтга ишлашга келган киракаш Чилонзор туманида истиқомат қилувчи киши томонидан уюштирилган ҳужумдан жабр чекди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Воқеа Тошкентнинг Бектемир туманида рўй берди. 32 ёшли киракаш Lacetti автомобилида Андижондан йўловчиларни олиб келиб, пойтахтнинг ўзида ҳам бироз кира ишлашга қарор қилди. Кечки соат 22:30 да Арча кўчада унинг автомобилини бир эркак тўхтатиб, Coca Cola заводига элтиб қўйишни сўради. Йўловчи орқага ўриндиқдан жой олди.
Заводга етиб боргач, киракаш тўхтаб, бундан кейинги йўлни сўради. Шу пайт йўловчи кутилмаганда унинг бўйнига зарба берди.
Нима бўлганини тушунмаган ҳайдовчи машинадан қочиб чиқди. Бўйнидан қон оқаётганини кўрган эркак ярасини тутганча завод томон борди. Йўлда у Nexia автомобилини тўхтатиб, унинг ёрдамида шифохонага етиб олди. Тиббий ёрдам олгач, эркак ўз телефонига қўнғироқ қилди. Қўнғироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари жавоб берди. Улар машинани олиб қочиб кетган жиноятчи ушланганини билдирди.
Айтилишича, машинани олиб қочиб кетган жиноятчи мастлиги ва автомобиль бошқаришни билмаслиги боис ЙТҲга учраган. Шу тариқа у ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ушланган.
29 ёшли зўравон 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)