Саудия Арабистонида давлат хизматларидан фойдаланиш учун аёлларга энди васий эркаклар рухсати талаб этилмайдиган бўлди. Бу ҳақдаги фармон қирол Салмон ибн Абдулазиз томонидан қабул қилинди, дея хабар беради «Коммерсантъ».
Янги ҳужжат аёлларга ишга жойлашиш, олий таълим, тиббий ёрдам олиш ва бошқа хизматлардан мустақил фойдаланиш имконини беради. Уларга олдин ҳам бунга расман тақиқ қўйилмаган, бироқ давлат муассасалари кўпинча аёллардан бунинг учун васий эркаклар рухсатини талаб қиларди.
Кузатувчилар Саудия Арабистонида аёллар ҳуқуқини таъминлашдаги ўзгаришларни қайд этмоқда. Улар буни нефть нархлари кескин пасайгани сабабли бюджет танқислиги ўсиши туфайли бошланган ислоҳотлар билан боғламоқда.
Ўтган йил апрелида қабул қилинган «Саудия Арабистони 2030» иқтисодий дастури ишловчилар орасида аёллар улушини 22 фоиздан 30 фоизгача кўпайтиришни кўзда тутади. Ҳозирда 13,1 миллион саудиялик аёлдан атиги 1,9 миллиони иш билан банд. Мамлакатда расман иш излаётганларнинг 80 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади.
Саудия Арабистонида аёлларга эътибор ўзгариб бораётганини охирги бир неча тайинловлар ҳам кўрсатди. Февралда мамлакатдаги йирик молиявий корпорациялардан бири — Samba Financial Group бош директорлигига Рания Маҳмуд Нашар тайинланди. Ундан олдинроқ эса Сора ас-Сухаймий Саудия фонд биржасини бошқарганди.
Изоҳ (0)