Пойтахт Тошкент 30 апрель ва 8 май саналари оралиғида бокс бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Мусобақа якунларига кўра, ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Ҳасанбой Дўстматов мусобақанинг энг яхши боксчиси деб топилди.
Дўстматов -49 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Чорак финалдаги ғалабасидан кейин у Германия мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани ютиб олганди.
Боксчи энг кичик вазнда жанг қилганига қарамай, Осиё чемпионатида иштирок этган боксчилар орасида энг яхши бўлди. Дўстматов Рио—2016 Олимпиадасидан кейин ҳам энг яхши боксчи совринини қабул қилиб олганди.
Ҳасанбой қитъанинг энг яхши боксчиси учун бериладиган мукофотни Осиё бокс конфедерацияси президенти Серик Конабаевдан қабул қилиб олди.
Маълумот учун, Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 10 та имкониятдан 9 та олтин медални қўлга киритиб, қитъада мутлақ рекорд ўрнатди. Жаҳон чемпионатига эса турнирда иштирок этган 10 нафар боксчининг ҳаммаси борадиган бўлди.
Изоҳ (0)