Гонконгдаги кўп қаватли биноларда катта тешикларни кўриш мумкин. Биринчи таассурот — биноларнинг шамолга нисбатан қаршилигини камайтириш учун бу «ойналар» ўрнатилган. AdMe бу ноодатий архитектура моҳиятини тушунтириб берди.
Бундай ечим қадимий хитой фалсафаси — фэншуйдан келиб чиққан. Унга кўра, Гонконг тоғларида чўмилиш ва чанқоғини қондириш учун сувга тушадиган аждарлар яшайди.
Гонконг аҳолисининг фикрига кўра, шаҳар айнан денгиз ва тоғлар ўртасида жойлашгани учун гуллаб-яшнамоқда. Қирғоқ бўйлаб қурилаётган баланд бинолар аждарлар йўлини тўсади ва натижада омадсизлик келади. Шунинг учун қурувчилар биноларда аждарлар бемалол учиб ўтиб, сувга бориши учун катта туйнуклар қолдиради.
Минг йиллардан буён Хитойда инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги муносабатларда донолик улуғланган. Фэншуй услубидаги тешиклар билан қуриладиган ноодатий уйлар замонавий Хитой аҳолиси беш минг йиллик хитой цивилизациясининг қадимий анъаналарини сақлашга ҳаракат қилаётганини кўрсатади.
Изоҳ (0)