Футбол бўйича Германия терма жамоаси бош мураббийи Ёахим Лёв Хитой футбол федерациясидан мамлакат терма жамоасини бошқариш таклифини олди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Германиялик мутахассисга рекорд сумма — йилига 25 миллион еврога тенг 2 йиллик шартнома таклиф қилинди. Агар Лёв таклифни қабул қилса, дунёдаги энг сердаромад футбол мураббийига айланади.
Айни вақтда айнан Хитой терма жамоасининг бош мураббийи — италиялик Марчелло Липпи энг кўп маош олувчи мураббий ҳисобланади. 2016 йилнинг октябрь ойидан буён Хитой термаси билан ишлаётган мутахассиснинг йиллик маоши 20,1 миллион еврони ташкил қилади.
Марчелло Липпи қўли остида Хитой термаси ЖЧ–2018 сўнгги саралаш босқичи доирасида иккита ўйин ўтказди. Дастлаб жамоа ўз майдонида Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Кейин сафарда Эронга 0:1 ҳисобида енгилди.
ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи «А» гуруҳи 7-туридан кейин Эрон терма жамоаси 17 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Жанубий Корея иккинчи (13 очко), Ўзбекистон учинчи (12 очко) ўринда бормоқда. Сурия 8 очко билан тўртинчи ўриндан жой олган бўлса, Хитой 5 очко билан олтинчи поғонада. Ҳисобида 4 очко бўлган Қатар эса ЖЧ–2018 га йўлланма олиш имкониятини йўққа чиқариб бўлган.
Хитой футбол федерацияси Ёахим Лёв терма жамоани оғир вазиятдан олиб чиқишига ишонмоқда. Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 нинг финал босқичига «А» ва «B» гуруҳларида 10 тур натижасига кўра 1–2 ўринларни эгаллаган терма жамоалар тўғридан-тўғри чиқади. Ҳар икки гуруҳда 3-поғонани эгаллаган жамоа ўтиш ўйинида иштирок этади. Ғолиб жамоа КОНКАКАФ — Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари конфедерацияси саралашида тўртинчи ўринни эгаллаган терма жамоа билан ЖЧ–2018 йўлланмаси учун курашади.
Маълумот учун, Ёахим Лёв Германияда ўтказилган ЖЧ–2006 турниридан кейин Германия терма жамоасини ўз бошқарувига олган. 57 ёшли мутахассис қўли остида 145 та учрашув ўтказган Германия 97 ўйинда зафар қучган.
Германия терма жамоаси Ёахим Лёв бошқарувида 2010 йилги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган, ЖЧ–2014 да эса чемпион бўлган. Шунингдек, Германия термаси бу вақт ичида 2008 йилги Европа чемпионатида кумуш медаль совриндори, Евро–2012 ва Евро–2016 да учинчи ўрин соҳиби бўлган.
Изоҳ (0)