Тошкент шаҳрида стоматологлар халқаро анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти, Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий олимлар, шифокорлар, талабалар билан бир қаторда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Жанубий Корея, Франция, Италия, Нидерландия, Литва, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг илм-фан муассасалари етакчи мутахассислари иштирок этди.
Анжуманда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Ҳожибоев, Тошкент давлат стоматология институти ректори Жасур Ризаев ва бошқалар нутққа чиқди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон тиббиёти ва таълим тизими ҳамда илм-фаннинг бу борадаги салоҳияти кенг намойиш этилди.
Мазкур тадбирда Жаҳон стоматологлар ассоциацияси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг қатнашгани тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиликларни тарғиб қилиш, замонавий технологияларни кенг оммалаштириш, кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
«Анжуманга юқори савияда тайёргарлик кўрилган, — деди Халқаро стоматология федерацияси вице-президенти Тин Чун Вонг (Хитой). — Дунёнинг кўплаб етакчи олимлари ва экспертларини бир даврага жамлаган ушбу тадбир стоматологиянинг ютуқларини тарғиб этиш баробарида олдимизда турган муҳим вазифаларни муҳокама қилиш имконини берди. Мен анжуманда стоматология ва умумий саломатлик ўртасидаги боғлиқлик мавзуида маъруза қилдим. Ҳозирги кунда илм-фан бу борада қатор муҳим натижаларга эришгани инсон саломатлигида муҳим омил бўлмоқда».
«Бугунги кунда стоматологиянинг барча соҳалари жадал ривожланмоқда, — деди Dentsply sirona компаниясининг вице-президенти Жорж Вогел (Австрия). — Хусусан, ортодонтияга Cad/Cam технологияларининг кириб келиши бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам катта қулайлик яратмоқда. 3D технологияси асосида ишлайдиган бу замонавий технологиялар юз-жағ касалликларига аниқ ташхис қўйиш, самарали даволаш, инсонга соғлом табассум ҳадя этиш имкониятини кенгайтирмоқда. Ўзбекистон тиббиётида бундай илғор технологиялардан фойдаланиш борасида имкониятлар етарли. Шифокорларнинг билим ва тажрибаси халқаро андозаларга тўлиқ жавоб беради. Талабаларнинг билимга чанқоқлиги, ҳаракатчанлиги кишида ҳавас уйғотади. Ўзбекистон ёшлари янги технологияларни мукаммал эгаллаб, жаҳон тиббиёти ривожига ўз улушини қўшади».
Анжуманда стоматология соҳасида қўлланилаётган замонавий асбоб-ускуналар кўргазмаси намойиш этилди. Пародонтология, ортодонтия, тиш имплантологияси ва бошқа соҳалар бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Ёш олимлар анжумани ўтказилди.