Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, минтақа кундалик турмуш тарзининг турли жиҳатлари билан танишиб чиқди. Ташриф элчининг энг таассуротларга бой минтақавий сафарларидан бири бўлди, деб хабар беради «Kommersant.uz».
Кристофер Аллан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари ҳамда ташқи савдо вазири билан учрашув чоғида минтақанинг сиёсий ва иқтисодий ҳаёти билан танишиш имкониятига эга бўлди. Савдо-саноат палатаси раҳбари билан учрашувда ишбилармонлик, кичик ва ўрта бизнес ривожи муҳокама қилинди. Икки томон ҳам Британия компанияларининг Устюрт газ-кимё мажмуасининг 4 миллиардлик лойиҳасида иштирок этганини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон учун атроф-муҳит масалалари, айниқса, Орол денгизининг қуриши муаммоси муҳим аҳамият касб этади. Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида элчи Қорақалпоғистоннинг атроф-муҳит муҳофазаси қўмитасида, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси Нукус филиалида, шунингдек, БМТ қўшма дастури офисида учрашувлар ўтказди.
Қорақалпоғистоннинг тарихий ва маданий мероси билан танишиш мақсадида элчи республика ҳудудидаги қадимий қалъаларга, Савицкий номидаги давлат санъат музейига, Мўйноқ ўлкашунослик музейига борди. Аммо у бу билан қаноатланмай, Орол денгизининг қуриган ҳудудида шаклланган Оролқум чўлида ҳамда Орол денгизи қирғоғида ҳам бўлди.
Сафар чоғида Кристофер Алланга Қорақалпоғистон ташқи савдо вазири ўринбосари ҳамроҳлик қилди.
Изоҳ (0)