Ўзбекистонда Samsung компаниясининг янги флагман смартфони — Samsung Galaxy S8 сотила бошлади, дея хабар бермоқда «Mobinfo.uz».
Янги қурилма бир нечта ноодатий функциялари билан ажралиб туради. Хусусан, дисплей тепасида кўзнинг рангдор пардаси сканери пайдо бўлди. Қуйи ром қалинлигининг камайиши ҳисобига, у ерда «Уйга» тугмаси учун жой қолмади, шу туфайли уни Galaxy S линейкаси тарихида биринчи марта сенсорли қилишди, бармоқ изи сканерини эса орқа панелга — камеранинг ўнг томонига кўчиришди.
Дисплей диагонали 5,8 дюймни ташкил қилади. Юқори ва қуйи ромлар қалинлиги камайгани туфайли, янги смартфон катталиги жиҳатидан аввалги моделлардан кескин фарқ қилмайди. Қуйи ёнида USB Type-C универсал разъёми жойлашди. Наушник учун 3,5 миллиметрлик разъём ҳам ўша ерда жойлашган. Аввалги авлод каби, Galaxy S8 ҳам IP68 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояланган.
Телефонга саккиз ядроли Exynos 8895 процессори ўрнатилди. Баъзи бозорларга Snapdragon 835 процессори ўрнатилган версия етказилади.
Қурилма 4 Гб тезкор ва 64 Гб ички хотира, 12 мегапикселли асосий ва 8 мегапикселли олд камера билан жиҳозланган. Батареяси сиғими 3000 мА/соатга тенг.
Тошкентдаги «Малика» савдо марказида смартфон ҳозирча рекорд даражадаги нархда — 6,5 миллион сўмга сотилмоқда. Таққослаш учун, айни пайтда ўтган йилги флагман — Galaxy S7 Edge’нинг нархи 4,6 миллион сўмни ташкил қилади. Galaxy S6 Edge эса 3,3 миллион сўмга сотилмоқда.
Ушбу қурилмани кўрсатилган нархда сотиб олишга «Дарё» нашри кафолат бермайди. Қурилма ва унинг нархи ҳақидаги ахборот фақат танишиш учун тақдим этилган.
Изоҳ (0)