Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида ижтимоий адолат ва қишлоқ туманларини ривожлантириш вазири Гопал Бхаргава 700 нафар келинга крикет таёқчаларини ҳадя қилди. Бу ҳақда 30 апрель, якшанба куни Daily Mail хабар берди.
Сиёсатчининг сўзларига қараганда, аёллар уларни эрлари алкоголь истеъмол қилгандан сўнг ўзларини номаъқул тута бошласа қурол сифатида ишлатиши мумкин. Ўзига хос совға маҳаллий ҳукумат томонидан ташкил этилган оммавий тўй маросимида турмушга чиққан келинларга совға қилинди.
Ҳар бир битада «Пиёнисталарни калтаклаш учун» ва «Полиция аралашмайди» ёзувлари туширилган. Бхаргава аёлларга дастлаб сархуш эрлари билан гаплашиб кўришни, агар улар қулоқ солишдан бош тортса, тўй совғасини ишга солишни маслаҳат берди.
Вазир бу ҳаракати билан пиёниста эрлари томонидан зўравонликка дуч келадиган қишлоқ аёлларининг ғариб аҳволига эътибор қаратмоқчи бўлганлигини таъкидлади.
Янги оила қурганларга жами ўн мингта ана шундай бита ҳадя қилиш режалаштирилган. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)