Қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш порталида кема бошқарувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, кема бошқариш учун гувоҳномалар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда «UzNews.uz» хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, кема бошқариш учун гувоҳномалар жорий этиш режалаштирилмоқда. Двигатель қувватига кўра гувоҳнома 3 гуруҳга бўлинади. Бундан ташқари, кичик ҳажмли кемалар (гидроцикл, моторли қайиқ, катер, елканли кема ёки қайиқ) бошқаруви учун гувоҳномалар жорий этиш таклиф этилмоқда.
Гувоҳнома олиш учун қуйидаги муассасаларда таълим курсларини ўташ лозим:
«Автодарётранс–илм» давлат илмий-методик маркази;
Термиз саноат ва транспорт ўрта махсус касб-ҳунар коллежи.
Курслардан ўтган номзодлар назарий билимларни синаш (тест) ҳамда кемаларни бошқариш бўйича амалий кўникмалар синовларидан ўтади. Шундан сўнг Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти томонидан яратиладиган комиссияда назарий имтиҳондан ўтиш талаб этилади. Бу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзод гувоҳномага эга бўлади.
Гувоҳнома беш йил давомида амал қилади, уни олиш учун маълум миқдорда тўлов киритиш талаб этилади. Шу билан бирга, кема бошқарувчилар ҳар уч йилда малака ошириб туриши лозим.
Лойиҳа ҳозирча муҳокама қилинмоқда, унга маълум ўзгаришлар киритилиши ёхуд у бутунлай рад этилиши мумкин.
Изоҳ (0)