Ўзбекистонда умумий ўрта таълим тизимига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда таълим сифати ва самарадорлигини юксалтиришга оид амалий ишлар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди, деб хабар беради ЎзА.
Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг турлари белгиланди. Даволаш-профилактика масканларида стационар шароитда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади.
Олис аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим масканларининг филиаллари ташкил этилиб, уларда ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади. Бошқа умумтаълим масканларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасидан келиб чиқиб, ўқувчилар сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.
Тегишли майдонга эга бўлган мактаблар синфларида ўқувчилар таркиби 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Синф ўқувчиларини муайян фанлар бўйича бўлиб ўқитиш юзасидан ҳам тегишли нормалар белгиланди.
Болаларнинг интеллектуал ривожланиш жараёнини ҳисобга олиб, уларни 6—7 ёшдан мактабга қабул қилиш меъёрларига ҳам аниқликлар киритилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)