Нигерияда элект кабелининг футбол маркази томига тушиши оқибатида «Манчестер Юнайтед» клубининг Европа Лигаси ўйинини кўраётган мухлисларидан 30 нафари ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Mirror нашрига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Нашр келтирган маълумотларга қараганда, 28 киши воқеа жойида ҳалок бўлди, яна икки киши шифохонага ҳаётдан кўз юмди.
Дастлаб етти нафар одам ҳалок бўлгани, ўн киши жароҳатлангани хабар қилинган эди. Аммо кейинроқ қурбонлар сони каттароқ эканлиги маълум бўлди.
Фожиа Калабар шаҳрида рўй берди. Гувоҳларнинг билдиришича, трансформаторда келиб чиққан нуқсон туфайли юқори кучланиш остидаги сим клуб томига қулади.
Маҳаллий маъмурият вакиллари воқеани «қўрқинчли фожиа» сифатида баҳолаб, бундай кабеллар остида клублар қуришни ноқонуний деб баҳолади.
Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» клуби маъмурияти ҳалок бўлганларнинг оилалари ва жабрланганларга ҳамдардлик изҳор қилди.
«Бизнинг ўй-хаёлимиз ‘Юнайтед’ мухлислари, уларнинг дўстлари ва оилалари билан бирга», — деган хабар қолдирилди жамоанинг Twitter’даги расмий саҳифасида.
Изоҳ (0)