Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида Жанубий Кореянинг Vision Care халқаро ташкилоти офталмолог-шифокорлари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Posco Daewoo корпорацияси ҳомийлигида Vision Care халқаро ташкилотининг бир гуруҳ шифокорлари Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, Бухоро ва Навоий вилоятлари аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Мурожаат қилганларнинг қарийб 100 нафарида катаракта бартараф этилиб, кўз гавҳари алмаштирилди.
«Ташкилотимиз Ўзбекистонда баҳор ва куз фаслида бир неча кун давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда, — деди кореялик кўз шифокори Хан Жангмо. — Юртингизда кўп нарса эътиборимизни тортди. Тиббиёт муассасалари замонавийлиги, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлангани мамлакатингизда соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини тасдиқлаб турибди. Тиббий кўрик ва операцияларда кўмаклашган ўзбекистонлик малакали офталмолог-шифокорлар билан ҳамкорликда ишлаш ёқимли бўлди».
«Бир кўзим хиралашиб қолгач, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилдим, — деди Олот тумани Оқпўлат қишлоғидан 67 ёшли Шароф Ибодов. — Шифокорлар операция қилиш зарурлигини, яқин кунларда Бухоро шаҳрига келадиган Жанубий кореялик мутахассисларга учрашишни айтди. Улар тавсияси билан хорижлик шифокорлар ҳузурига келдим. Жарроҳлик амалиёти яхши ўтди. Мана, кўзим ёшлигимдаги каби тиниқ-равшан кўра бошлади».
Акция доирасида чуқурлаштирилган офталмологик текширувлардан ўтган беморлар дори-дармон, махсус кўзойнаклар билан бепул таъминланди. Уларга кўз хасталикларининг олдини олиш юзасидан тегишли маслаҳатлар берилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)