Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши аъзолари Сайхунобод туманида бир қатор маҳаллалар фуқаролари билан мулоқот ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия марказий кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти ва Сайхунобод тумани Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, вилоят соғлиқни сақлаш, меҳнат бошқармалари, банклар, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Депутатлар «Халқ саломатлиги – олий қадрият», «Халқ билан мулоқот – ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли» лойиҳалари доирасида «Иттифоқ», «Пахтакор», «Нуробод» ва «Гулбулоқ» маҳаллаларида бўлиб, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар ҳолидан хабар олди, совғалар улашди. Мулоқотларда иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит муассасалари ишини самарали ташкил этиш, қишлоқ аҳолисига тиббий, маиший ва савдо хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, «Халқ саломатлиги – олий қадрият» лойиҳаси доирасида Сайхунобод туманининг «Иттифоқ» маҳалласида кам таъминланган оилалар вакиллари, оналар ва болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мулоқотлар чоғида ҳар бир ташкилот раҳбари ўз олдига қўйилган вазифа ва режалар тўғрисида ахборот берди. Мавжуд муаммолар бўйича саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Лойиҳалар доирасида кўчма «Жамоатчилик қабулхонаси» ташкил этилиб, унда фуқаролар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан қабул қилинди. Кўтарилган ижтимоий аҳамиятга молик муаммо ва масалалар партия фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга етказиладиган бўлди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)