Сўнгги суткалар ичида Ироқ ҳарбийлари Мосулнинг «Ан-Нурий» жомеъ масжиди остонасида ИШИДнинг 60 дан зиёд аъзосини йўқ қилди. Бу ҳақда Ироқ федерал полицияси маълум қилди, деб хабар беради «РИА Новости».
Ироқ федерал полицияси раҳбари генерал-лейтенант Раед Шакер жангариларнинг саккизта ҳарбий техникаси ҳам йўқ қилингани ҳамда худкушлар амалга ошириши лозим бўлган бир неча ҳужум олди олинганини маълум қилди.
Аввалроқ ҳарбийлар ИШИД назоратида бўлган «Ан-Нурий» жомеъ масжидига қадар етиб келгани хабар қилинган эди.
Қайд этиш жоиз, ушбу масжидни озод қилиш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, 2014 йил 29 июнь куни ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий айнан шу ерда халифалик ташкил этилганини эълон қилган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)