Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида MMA (аралаш жанглар санъати) бўйича турнир ўтказилиб, унда ўзбекистонлик жангчилар мезбон спортчиларга қарши рингга чиқди.
Жекпе-жек ҳамда RSТ-3 йўналиши қоидалари умумлаштирилган турнирда Khudyakov Team жамоаси сафида рингга чиққан ўзбекистонлик олти спортчининг барчаси зафар қучишга муваффақ бўлди. Уларнинг айримлари қозоғистонлик рақибини муддатидан аввал таслим этишга муваффақ бўлди, деб маълумот берди «Оламспорт».
Биринчи бўлиб ригга 56,7 килограмм вазнда Ҳумоюддин Абдуллаев кўтарилди. У рақиби Куаниш Нурсултонни техник нокаутга учратиб, ҳисобни меҳмонлар томонига ошириб берди.
65,8 килограмм вазн тоифасида жанг қилган Акмал Холбоев Жалгас Тохтасиновни мағлуб этиш учун бир раундгина сарф этди. Кейинроқ эса Мақсаджон Юсупов ҳамда Элёр Нормирзаев каби спортчилар қозоғистонлик жангчилардан устунлик қилиш учун икки дақиқадан камроқ вақт сарфлади.
Шу куни Khudyakov Team сардори Александр Столяров ҳам жамоадошларининг муваффақиятли юришини давом эттирди. Супероғир вазнда Жумабек Алимбековни енгиш учун унга битта раунднинг ўзи етарли бўлди.
MMA кечасининг асосий жангида Сирожиддин Эшонбоев қозоғистонлик Ержан Кенжегуловга қаршилик қилди. Уч раунд давом этган жанг якунида ҳакамлар бир овоздан ўзбекистонлик спортчини ғолиб деб топди.
Изоҳ (0)