Стокгольмдаги теракт ижрочиси деб гумон қилинаётган Раҳмат Оқилов диний экстеризм айблови остида Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган бўлган. Бу ҳақда, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага асосланиб, «Интерфакс» агентлиги хабар бермоқда.
Meduza’нинг ёзишича, Ўзбекистонда Оқиловга нисбатан «жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материаллар тайёрлаш ёки тарқатиш», «экстремистик ташкилотлар фаолиятида қатнашиш», шунингдек, «вояга етмаган шахсни жамиятга қарши ҳаракатга жалб этиш» моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Манба маълумотларига кўра, миллати тожик бўлган Оқилов Швецияда бўлган вақтида ИШИД таъсирига тушиб қолган. Агентлик суҳбатдошининг қайд этишича, Оқилов 2015 йили ИШИД сафида жанг қилиш учун Сурияга киришга уринган, бироқ Туркия чегарасида қўлга олинган. Қочоқ мақомига эга бўлгани учун, у Швецияга депортация қилинган.
39 ёшли Раҳмат Оқилов 7 апрель куни Стокгольмда пиёдаларни уриб ўтган юк машинасини бошқарган. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, 15 киши тан жароҳати олган. Швеция ҳукумати юз берган воқеани теракт деб баҳолади.
Адвокатининг сўзларига кўра, Оқилов «террорчилик ҳаракатини содир этганлиги»га иқрор бўлиб, ўз айбини тан олган.
Швеция полициясининг маълум қилишича, Оқилов 2014 йили мамлакатда доимий яшаш учун ариза топширган, бироқ 2016 йилда унга рад жавоби берилган ва у депортация қилиниши лозим эди. 2017 йил февралидан бери Оқилов мамлакатдан чиқариб юбориш учун Швецияда қидирувда бўлган.
Швеция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари аввалроқ Оқиловнинг диний ақидапарастларга хайрихоҳ бўлгани ҳақида маълум қилган, бироқ унинг ИШИД билан алоқалари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)