Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги ПҚ-2744- сонли қарори ижросини таъминлаш масаласи муҳокама этилди. Бу ҳақда «Namnews.uz» хабар берди.
«Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорини наманганликлар ҳам катта мамнуният билан кутиб олди. Айниқса, ушбу қарорда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номини бериш ҳақидаги таклифни катта-ю кичик — барча якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида ушбу таклиф атрофлича ўрганиб чиқилди. Жамоатчилик вакиллари, турли касб эгалари Наманган шаҳрининг Дўстлик шоҳ кўчасини Ислом Каримов номи билан аташ юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди», — дейилади хабарда.
Сессияда Наманган шаҳрининг Дўстлик шоҳ кўчасига Ислом Каримов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни кунларда кўчанинг номини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)