2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини мамлакатдан ташқарига олиб чиқиш бўйича қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жумладан, «Фарғона» чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган фуқаро ўз бошқарувидаги «КамАЗ» юк автомашинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилишидан аввал божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча юклари йўқлигини маълум қилган.
Аммо божхона кўриги давомида ушбу автомобиль юкхонасида кигиз ва ёғоч билан тўсилган яширин бўлма ташкил қилинганлиги ва унга 1,4 тонна оғирликдаги 176 та муқаддам фойдаланилган аккумулятор ортилганлиги аниқланди. Худди шу усулни қўллаган яна бир фуқаро салкам 1,9 тонна оғирликдаги 172 та, бошқа бир шахс эса салкам 160 килограмм оғирликдаги 24 та аккумуляторни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам кейинчалик қайта сотиш ва мамлакатдан олиб чиқиш мақсадида ноқонуний равишда сақланаётган рангли металл чиқиндиларнинг «омбор»ини фош қилди. Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи шахснинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда 1,7 тоннадан ортиқ рангли металл парчалари ноқонуний равишда сақлаб келинаётганлиги аниқланди.
Вилоят божхоначилари, шунингдек, Isuzu русумли юк автомашинасида ноқонуний равишда олиб кетилаётган 4,1 тоннага яқин рангли металл парчаларини ўз вақтида тўхтатиб қолди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)