Олмалиқ кон-металлургия комбинати «Далнее» конини ўзлаштиришга киришди, деб хабар қилди корхона матбуот хизмати.
«Газета.uz»нинг ёзишича, мазкур кон базасида ОКМК ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш тўғрисидаги қарор 1 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган эди.
2017—2028 йилларга мўлжалланган лойиҳага кўра, янги металлургия мажмуаси қурилиб, халқаро стандартлар асосида энергия самарадорлиги ва экологик меъёрларга мос келувчи ускуналар билан жиҳозланади.
Биринчи босқичда (2017—2021 йиллар) «Марказий» карерини ўзлаштириш, фойдали қазилмалар юзини очиш ва тоғ-капитал ишлар, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика объектлари ва бошқа ёрдамчи инфратузилмалар қурилиши, шунингдек, тоғ, транспорт ва бошқа техникаларни харид қилиш белгиланган.
Иккинчи босқичда (2019—2028 йиллар) фойдали қазилмалар юзини очиш ва тоғ-капитал ишларни давом эттириш билан бир қаторда, мажмуанинг йилига 23 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга қайта ишлаш, эритиш, ҳамроҳ ва ёрдамчи объектларини қуриш кўзда тутилган.
Ўзбекистоннинг 2017 йилги Инвестиция дастурига кўра, қиймати 1,7 миллиард долларга яқин бўлган лойиҳа Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тижорат банклари кредитлари ва ОКМК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Конни ўзлаштириш доирасида апрель ойи бошида Россиянинг «РИВС» IIЧБ ва ОКМК ўртасида мис-бойитиш мажмуаси қурилиши бўйича 500 миллион долларлик шартнома имзоланган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)