Футбол бўйича Аргентина миллий терма жамоасига устозлик қилаётган Эдгардо Бауса ўз вазифасидан озод этилди, деб ёзди «Sports.ru».
Нашр бунда мамлакат футбол ассоциацияси президенти Клаудио Тапианинг баёнотига асосланган. Унинг қайд этишича, ҳар икки томон Баусанинг термадан кетиши борасида якдил қарорга келишга муваффақ бўлган.
Бауса Аргентина терма жамоасини 2016 йилнинг август ойида қабул қилиб олганди. Саралашнинг 14-туридан кейин унинг жамоаси 10 та мамлакат орасида бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу эса қитъалараро плей-оффгагина йўлланма бериб, Аргентина терма жамоасини Океания минтақаси етакчиси билан тўқнаштиради.
Бразилия терма жамоаси эса мундиал чиптасини биринчилардан бўлиб қўлга киритиб бўлди. Қитъада унга рақобатчилик қиладиган энг яхши жамоада ишлар орқага кетишни бошлади. Мессини олдинда яна 3 та ўйинлик дисквалификация кутаётгани инобатга олинса, янги мутахассисга осон бўлмаслиги ойдинлашади.
Аввалроқ «Севилья» клуби бош мураббийи Хорхе Сампаоли Аргентина терма жамоасини бошқаришга қарши эмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)