Ўзбекистон ва Россия олимпия терма жамоалари 27 май куни Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
2018 йил бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатининг саралаш ўйинларига Ўзбекистон терма жамоасини Жасур Абдураимов мураббий сифатида тайёрламоқда. Келишувга кўра, унинг 1996 ва 1997 йилда таваллуд топган футболчилари Россиянинг шу ёшдаги термасига қарши ўйин ўтказади.
Қизиқ томони, ҳар икки мамлакатнинг 1996 йилда туғилган футболчилари ўз қитъасининг чемпионлари ҳисобланади. Россия ўсмирлари 2012 йил Европа чемпионатида ғолиб чиққан бўлса, Дилшод Нуралиев мураббийлик қилган Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида зафар қучганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2018 йил Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этиш учун шу йилнинг 15 июлида старт оладиган саралаш босқичидан омон чиқиши керак. Саралаш ўйинларига БАА мезбонлик қилади.
Изоҳ (0)