Айрим ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан Ўзбекистонга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш чоғида белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар беришга уринишлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини фош қилиб, катта миқдордаги товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.
Жумладан, «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Хитойдан хусусий тадбиркор Р.Ғофуров (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) номига келтирилган турли асбоб-ускуна ва технологик жиҳозларнини божхона кўригидан ўтказиш давомида кутилмаган ҳолатга дуч келди. Мазкур асбоб-ускуналарнинг орасидаги барча бўшлиқлар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 23 турдаги 129 дона ошхона идиши ва анжоми билан тўлдирилган экан. Шу тариқа қоидабузар қиймати 29 миллион сўмдан ортиқ бўлган товарларни яширин йўллар билан олиб киришга уринган.
Мазкур пост ходимлари «B.N.Ch.» (номлар қисқартирилган) хусусий корхонаси номига келтирилган газламаларни импорт божхона режимига расмийлаштириш жараёнида яна бир қоидабузарликни фош қилди. Божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида ушбу газламаларнинг эни икки баробарга қисқартирилган ҳолда тахланиб, сўнгра тўп қилиб ўралган. Шу тарзда қиймати 51 миллион сўмдан ортиқ бўлган 5,1 минг метр квадрат ўлчамдаги газламалар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳолда, божхона назоратидан четлаб олиб киришнинг олди олинди.
Шунингдек, ушбу постда терига ишлов бериш пайтида фойдаланиладиган 38 тоннадан ортиқ 3 турдаги кимёвий моддаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди. «М.Г» масъулияти чекланган жамияти номига юборилган қиймати 250 миллион сўмдан ортиқ ушбу кимёвий воситалар ҳақида маълумотлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)