Пекин АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятига Хитой ишларига аралашмаслик ва бунинг эвазига ҳамкорлик ва инвестициялар сиёсатини таклиф қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post газетаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Нашр аввалроқ The New York Times газетаси томонидан ХХР раиси Си Цзиньпин ва Трамп ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувни ташкил этишда унинг куёви Жаред Кушнер асосий рол ўйнаганлиги ҳақида чоп этилган маълумотни тасдиқлади.
Нашрнинг таъкидлашича, Хитой Трамп маъмурияти Си Цзиньпиннинг можароларнинг олдини олиш ва ҳамкорликка йўналтирилган «буюк давлатлар муносабатларининг янги модели» концепциясини қабул қилишини истамоқда.
Хитой АҚШ унинг асосий манфаатларига дахлдор, жумладан, Тайвань, Тибет масалалари ва ички ишларига аралашмаслигини истайди. Бунинг эвазига Хитой Трампга бир қатор сайловолди ваъдаларини амалга ошириш, жумладан, иш ўринларини яратишни тезлаштириш имконини берувчи инвестицияларни таклиф қилишга тайёр.
The Washington Post’нинг таъкидлашича, Кушнер Америка—Хитой алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш ва кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Америка етакчиси хитойлик ҳамкасбини 6—7 апрель кунлари Флоридадаги «Мар-а-Лаго» қароргоҳида қабул қилишни режалаштирмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)