Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасида тўп сурган германиялик ярим ҳимоячи Бастиан Швайнштайгер АҚШнинг MLS лигаси вакили — «Чикаго Файр» клуби билан «1+1» кўринишида шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.
Metro нашрининг маълум қилишича, АҚШ визасини олишга муваффақ бўлган 32 ёшли футболчи теннисчилик фаолиятини якунлаган турмуш ўртоғи Ана Иванович билан Чикаго шаҳрига етиб борди.
«МЮ» бош мураббийи Жозе Моуриньонинг ишончини қозона олмаган Бастиан Швайнштайгер Чикагода қаҳрамонларча кутиб олинди. Тажрибали футболчининг янги клубдаги йиллик маоши 4,5 миллион долларга тенг бўлади.
Маълумот учун, футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Германиянинг «Бавария» клубида (2002—2015) ўтказган Швайнштайгер 2015 йилнинг ёзида «МЮ»га келиб қўшилган эди. У Англия Премьер-лигаси доирасида жами 18 учрашув ўтказиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)